Тоҷикӣ | Русский | English  

ТОЖИГУ ЎЗБЕК ХАЛҚЛАРИНИНГ ДЎСТЛИГУ БИРОДАРЛИКЛАРИ АБАДИЙ БЎЛСИН!

Миллат пешвоси муҳтарам Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг Тожикистонга давлат ташрифи шарафига уюштирилган «Дўстлик оқшоми»да сўзлаган нутқи

konsert 20182018 йил 9 март, Душанбе шаҳри.

Жаноби олийлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Мирзиёев Шавкат Миромонович!

Ҳурматли Тожикистон ва Ўзбекистон дўсту биродар мамлакатларининг зиёлилари, маданият ва санъат намояндалари!

Қадрли иштирокчилар!

Ушбу хурсандчилик лаҳзаларида Ўзбекистон Республикаси Президенти, қадрли дўстим ва ҳурматли биродарим Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига давлат ташрифини қутлаб, Жаноби олийларига саломатлик ва дўсту биродар ўзбек халқига тинчлигу барқарорлик, осойишталик ва саодатли ҳаёт тилайман.

Жаноби олийлари, Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Мирзиёев Шавкат Миромонович!

Тожикистонга хуш келибсиз!

Шеърият султони - Устоз Рўдакий айтганидек:

Жаҳон шодликлари йиғилса бутун,

Дўстлар дийдоридан бўлолмас устун.

Ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёев!

Қадрли меҳмонлар!

Азиз дўстлар!

Бугунги «Дўстлик оқшоми» олиймақом меҳмон, Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат ташрифи ва ҳурматли Шавкат Миромонович Мирзиёевга ҳамроҳлик қилаётган делегация шарафига ташкил этилган.

Ушбу тадбир мамлакатларимиз ўртасида дўстлик ва яхши қўшничилик, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий-гуманитар ҳамкорликларнинг келгусида мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

Муносабатларимиз яхши қўшничилик, дўстлик ва биродарлик принциплари ҳамда умумэътироф этилган халқаро ҳуқуқий меъёрлар доирасида, шунингдек, конструктив ва истиқболли муҳитда янада мустаҳкамланишига шубҳа йўқ.

Учрашувимиз халқаро Наврўз байрами – табиатнинг уйғониши, баҳорнинг кириб келиши ва анъанавий янги йилимизга тайёргарлик кунларида бўлиб ўтаётгани рамзийдир.

Наврўз шундай байрамки, одамлар унга тайёргарлик кўришда уй-жойлари, ҳовлилари, ташқи кўринишларини тартибга келтиришади, қалбларини хусумат ва нафратдан тозалашади, бир-бирларининг гуноҳларини кечиришади ҳамда байрамни яқинлари, дўстлари ва қўшнилари даврасида хурсандчилик билан кутиб олишади.

Шунинг учун, биз, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизнинг Тожикистонга биродар Ўзбекистоннинг Давлат бошлиғи сифатида биринчи сафарингизни тарихий ташриф ва халқларимиз ўзаро дўстона муносабатларида янги йилга хос муждаси, дея баҳолаймиз.

Тожик ва ўзбек халқларининг кўп қиррали алоқалари бой тажриба ва тарихий жараёнда шаклланган азалий ўзаро муносабатларга таянади.

Умумий урф-одат, маросим, эътиқод, турмуш тарзи ва ҳатто, миллий либослар услуби ва юз йиллар давомида шаклланган халқ санъатининг ўзига хос хусусиятлари халқларимизни табиий равишда яқинлаштирган.

Ва бугун ҳам Душанбе ва ҳам Тошкентнинг сиёсий иродаси бу ёрқин тарихий тажриба ва бой умумийликдан халқларимиз ҳамда давлатларимиз муносабатлари ҳозирги ва келгусидаги тараққиёти учун фойдаланишга йўналтирилган.

Натижада, бугун ҳамкорликларимиз тарихида икки биродар халқ манфаатларини ўзида акс эттирган янги давр бошланди.

Душанбе ва Тошкент шаҳарларида икки мамлакат иқтисодиёт соҳаси турли ютуқлари кўргазмаси ва халқларимиз бирдамлигининг ҳақиқий тантанасига айланган маданият кунларининг ўтказилиши икки томонлама муносабатларимизни келгусида ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича эзгу қадамлар сирасига киради.

Бугун биз томонимиздан имзоланган ҳужжатлар ҳам икки биродар – тожик ва ўзбек халқлари ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамланишида муҳим рол ўйнашига ишончим комил.

Халқларимиз тарихдаги кўпгина мушкуллик ва воқеа-ҳодисаларга қарамасдан, дўстлик ва биродарликнинг эзгу анъаналарини ҳимоялашга интилиб, энг яхшиларини бизнинг давримизгача етказиб келишди.

Ҳақиқатдан ҳам, тожик ва ўзбек халқлари ҳамиша дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлашга интилиб келишган бўлиб, бу қадриятларга садоқатларини исботлашди.

Мавлоно Абдураҳмон Жомий ва Мир Алишер Навоий ўртасидаги дўстлик ва биродарлик муносабатлари юқорида айтилган фикримизнинг ёрқин мисолидир.

Устоз Айний айтганидек: «Жомий ва Навоий ўз даврининг асосий муаммоларига ёндашишда маслакдош бўлишиб, уларни ҳал этиш учун бир-бирлари ёрдамида курашишган, жамиятнинг етакчи кучларини ушбу курашда иштирок этишга ҳидоят қилишган. Бундай бирдамлик уларнинг адабий ва илмий ижодиёти, жамоатчилик фаолияти, жумладан, Навоийнинг сиёсий фаолиятига катта таъсир кўрсатган».

Жомий ва Навоий дўстлиги, уларнинг устоз ва шогирд сифатида ҳамкорликлари шу қадар самимий ва мустаҳкам эдики, Жомий ўз асарларидан бирида Навоийни вафо ва садоқат намунаси, дея атайди.

Хоса, ки ба боғи ошной

Бар шохи вафо бувад Навой.

(Дўстлик боғида Навоий садоқат шохидадир)

Йигирманчи асрда Садриддин Айний икки дўст халқнинг кўп асрлик эзгу анъанавий адабий алоқаларининг давомчиси эди.

Устоз Айний атоқли ўзбек адиблари – Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдулла Қодирий, Ғафур Ғулом билан шахсан таниш бўлиб, улар билан яқин ижодий ҳамкорлик қилган.

Мамлакатларимиз ҳудудида тожиклар ва ўзбекларнинг катта диаспоралари яшашади.

Сиёсатчи ва раҳбар сифатида бизнинг ҳаётан муҳим вазифамиз аждодлар меросларини сақлаш, таълим муассасалари тармоқлари кенгайиши учун қулай шароитлар яратиш, тожик ва ўзбек тилларининг озод ривожланиши, уларни ўрганиш ва ўргатишга доимий эътибор қаратиш билан боғлиқдир.

Бошқача айтсак, биз Мавлоно Жомий ва Алишер Навоий даврида бўлганидек, халқларимиз учун дўстлик ва самимият, ўзаро тушуниш ва ҳамкорлик муҳитини яратишимиз керак.

Бу борада ҳурматли Шавкат Миромонович, тожик жамоатчилиги Сизнинг Садриддин Айний уй-музейи ҳамда Самарқанд шаҳрида Жомий ва Навоий ёдгорлигини таъмирлашу қайта тиклаш бўйича шахсий ташаббусингизни эзгу қадам сифатида баҳолайди.

Тожикистон Ҳукумати, ўз навбатида, мамлакат пойтахти – Душанбе шаҳрида Алишер Навоий номидаги боғ бунёд этиш ҳамда у ерда Жомий ва Навоий ёдгорлигини ўрнатиш тўғрисида қарор қабул қилди.

Халқларимиз бир-бирининг миллий маданиятларини ривожлантиришдаги катта ҳиссасини ҳам таъкидлаш жоиздир.

Биз «Шашмақом»га иккинчи ҳаёт бағишладик ҳамда ЮНЕСКО қарори билан аждодларимизнинг бу санъат тури тожик ва ўзбек халқларининг маънавий-маданий мероси сифатида эълон қилинган.

Ҳожи Абдулазиз Самарқандий, Бобоқул Файзуллоев, Фазлиддин Шаҳобов мақомнинг буюк устозлари бўлган ҳолда, халқларимизнинг юзлаб санъат вакиллари тарбиясида катта рол ўйнашган.

Уларнинг мақом ижро этиш мактаби Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Фарғона ва Душанбе, Хўжанд, Конибодом, Истаравшан, Панжакент, Исфара шаҳарларида ҳалигача амал қилаётган бўлиб, халқларимиз маданият вакилларининг яқин дўстона алоқалари ва самарали ҳамкорликларидан ёрқин гувоҳлик беради.

Тожик ва ўзбеклар меҳнатсевар, зукко, иродали ва истеъдодли халқлар бўлгани ҳолда, деҳқончиликнинг бой тажрибаси ва қадимий маданиятига эга, катта бойлик ва захиралар мавжуд минтақада яшашади.

Тожикистон Ўзбекистон билан давлатлараро муносабатларни ривожлантиришга биринчи даражали аҳамият бериб, келажакда ҳам уларни сифатан янги даражага чиқариш, яъни стратегик шерикчиликка эришиш учун қўлидан келгунча ҳаракат қилади.

Айнан, шунинг учун, биз бугун икки томонлама ташаббус билан ўн йиллар мобайнида пайдо бўлган тўсиқларни бартараф этдик.

Ва ҳозир икки томонлама имкониятларни имкон қадар кўпроқ ишга солган ҳолда, қисқа муддатда мамлакатларимиз ўртасида муносабатларнинг энг юксак даражасига кўтарилишимизни ишонч билан айтамиз.

Зеро, нафақат, икки мамлакат раҳбарларининг иродаси, балки Тожикистон ва Ўзбекистон халқларининг табиий эҳтиёжлари ҳақида гап кетмоқда.

Ҳурматли Шавкат Миромонович!

Қадрли дўстлар!

Тожик ва ўзбек халқлари орасида: -Қўшнини танламайди,- деган мақол мавжуд. Халқимиз яхши қўшнини Яратганнинг инъоми сифатида баҳолайди.

Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида икки томонлама ҳамкорликларни ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, нафақат, халқларимиз келажаги, балки бутун минтақада тинчлик, барқарорлик ва хавфсизликни таъминлаш учун ҳам стратегик аҳамиятга эга.

Давлатларимиз глобаллашув жараёнининг эҳтимолий хатар ва таҳдидларини бартараф этиш ҳамда ўз миллий манфаатларини ҳимоялашга вазифадордир.

Шунинг учун, мамлакатларимиз ўртасида дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, аждодлар хотирасига эҳтиром кўрсатиш ҳамда халқларимиз келгуси авлодларининг тинч ва бахтли ҳаёти учун асос бўлиши керак.

Севимли шоиримиз Мирзо Турсунзода қуйидаги мисрасини битганида ҳақ эди:

Дўстлик бирла башар топгайдир роҳат,

Душманлик келтирар доим ғам-офат.

Ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизнинг тарихий ташрифингиз билан ўзаро муносабатларимизда сифатан янги босқич бошланиб, икки мамлакатнинг келгусидаги тараққиёти учун устувор асос шаклланишига ишончим комил.

Ва энг асосийси, иккала мамлакатнинг минглаб қариндошлик ришталари билан боғланган фуқароларининг эркин борди-келдиси учун қулай шароитлар яратилади.

Биз илм, маориф, тиббиёт ва маданият соҳаларида доимий ҳамда яқин алоқаларни ўрнатишимиз керак.

Зиёлиларимиз, шоир ва ёзувчиларимиз бой адабий-илмий меросларни таржима қилишлари ҳамда тарқатишлари, халқларимиз маданияти ва анъаналарини ўрганишлари, халқларимизнинг эзгу ва яратувчанлик қадриятлари асосида янада яқинлашишлари учун илмий, маданий ва адабий тадбирлар ўтказишлари керак.

Биз тарихий объективлик асосида халқларимиз асрлар давомида йиғган ва яратган ютуқлар ва қадриятларни сақлаш ҳамда ўрганиш, уларни тарқатиш, бемаъни баҳсу мунозараларга нуқта қўйишга вазифадормиз.

Тақдир тақозоси ва бошқа турли сабабларга кўра, сўнгги икки ўн йилликда биродар халқларимиз бегоналашди ва қарийб ўзаро тушуниш орадан кўтарилди.

Бироқ бугун муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизнинг узоқни кўзлаган сиёсатингиз туфайли, барча муаммо ва тўсиқлар бартараф этилди.

Шу муносабат билан Сизга, азиз биродарим ва ҳурматли дўстим, тожик халқи, Тожикистон Ҳукумати ва шахсан ўз номимдан миннатдорчилик билдираман.

Мен, ҳурматли Шавкат Миромонович, Сизнинг фаолиятингиз самарали эканлигига ишонаман.

Сизнинг ташрифингиз икки биродар халқнинг ўзаро муносабатлари тарихида янги саҳифани очганини қатъият билан айта оламан.

Мамлакатларимиз дўстона муносабатлари ва ўзаро самарали ҳамкорликларининг ёрқин келажаги йўлида биргаликда саъй-ҳаракат қилишимиз ҳамда бу йўналишда янгидан-янги ютуқларга эришишимизга умид билдираман.

Муҳтарам Шавкат Миромонович, Сизни, санъат усталари, маданият вакиллари ва Сизга ҳамроҳлик қилаётган делегация аъзоларига дўстларингиз ва биродарларингиз замини – Тожикистонга яна бир марта хуш келибсиз, дер эканман, Сизга мустаҳкам соғлиқ, дўст ўзбек халқига эса, бахт, тинчлик, барқарорлик, фаровонлик ва барча ҳаётий эзгуликларни тилайман.

Тожигу ўзбек халқларининг дўстлигу биродарликлари абадий бўлсин!

 Ташаккур.

 
 

© 2018 Вазорати корҳои хориҷии Ҷумҳурии Тоҷикистон
© 2018 Суроға: Ҷумҳурии Тоҷикистон, 734001, Душанбе, кӯчаи Шероз 33
тел: (992 37) 2210551 (шӯъбаи умумӣ), (992 37) 2211808 (қабулгоҳ)
факс: (992 37) 2210259 E-mail: info@mfa.tj